“Borsakelmas” davlat buyurtma qo'riqxonasi

Introducing

Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Фанлар академиялари тавсияномаларига асосан Устюрт платоси ҳудудида унинг табиий объектлари ва мажмуаларини муҳофаза қилиш мақсадида “Барсакелмес” буюртма қўриқхонасини 2022 йили ташкил топти. Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани Устюрт текислигида 280 000 гектар ер майдонидан иборат бўлиб, шундан 44 000 гектар ери қўриқланма зонаси ҳисобланади.

Табиий-географик жойлашган ўрни. Ўзбекистон Республикасидаги йирик ботиқлардан бири ҳисобланган Борсакелмас ботиғи ҳудудида жойлашган.

Ҳудуд рельефи текис бўлиб, карст рельеф шакллари, яъни воронкалар, ўпирилмалар ва бошқалар кўп учрайди. Борсакелмас ботиғи денудацион-дефляцион типга мансуб бўлган эрозион-шўрҳок берк ботиқ ҳисобланади. Ботиқнинг туби туз қатламлари ва рапа, яъни юқори концентрацияли тузли бирикмалар билан қопланган. Ботиқнинг эни 60-80 км ни ташкил этади. Оғийн шўрхоги Борсакелмас ботиғининг шимолий қисмида жойлашган бўлиб, мазкур шўрҳок кўл типидаги текислик ҳисобланади.

Ҳудуднинг иқлими қуруқ ва кескин континентал типда бўлиб, январь ойида ўртача ҳарорат -6 -8 даражани, июль ойида +28+30 даражани ташкил қилади. Мутлоқ даража январь ойида -39 даражагача, ёзда +46 даражагача бўлгани қайд этилган. Йиллик ёғин миқдори 100-120 мм ни ташкил қилиб, асосан қиш-баҳор фаслига тўғри келади. Ёғин ёққан даврда вақтинчалик ўзанлардан оққан сув Борсакелмас ботиғининг марказида жойлашган чуқурликларда кичик кўлларни ҳосил қилади. Қурғоқчилик даврида ушбу кўллар қуриб қолади. Ер ости сувлари сатҳи ер юзасидан 10-30 метр пастда жойлашган бўлиб, сувнинг шўрланиш даражаси литрига 10-35 граммни ташкил этади.

Флора. Ҳудудда оқ саксовул (Haloxylon persicum), қир саксовули (Haloxylon ammodendron), қора саксовул (Haloxylon apbyllum), юлғун (Tamarix sp.), илоқ, сохтаянтоқ, сассиқковрак, исириқ, икки уяли қичитқиўт, ковул, жузғун каби ўсимликлар кенг тарқалган бўлиб, ўсимлик турларидан Ўзбекистон Республикаси “Қизил Китоби”га ноёб ва йўқолиб кетиш арафасидаги турлар сифатида киритилган хива шўраги (Salsola chiwensis M.Pop)
ва қадаҳсимон сутлама (Euphorbia sclerocyathium Korovin et Рорov) алоҳида аҳамиятга эга ўсимликлар сифатида ажралиб туради. Хива шўраги Шимолий Ўзбекистон ҳудудларида учрайдиган реликт ўсимлик тури сифатида аҳамиятга моликдир.

Ўсимлик қоплами ушбу ҳудудларда нисбатан кам таназзулга учраган бўлиб, қопламнинг келгусида хўжалик фаолияти таъсирида бузилиши натижасида тупроқ эрозиясининг кучайиши юз беради, туз ва қум зарраларининг шамол таъсирида Оролбўйи минтақасига олиб кетилиши кучаяди.

Фауна. Борсакелмас ботиғи зоогеографик жиҳатдан Палеоарктика ўлкасининг Устюрт округига мансуб бўлган Шимолий плато участкаси ҳудудига қарайди.

Мазкур ҳудудда Ўзбекистон Республикаси “Қизил Китоби”га киритилган сайғоқ, жайрон, ҳинд асалхўри, олакўзон, корсак тулки, Ўрта Осиё чўл тошбақаси, узун игнали типратикан, тўрт йўлли чипор илон, бургут, қорақулоқ, йўрға тувалоқ, бизқалдоқ каби ҳайвонлар билан бирга бўри, тулки, катта қумсичқон, юмронқозиқ, кўрсичқон, толай товушқони, хўжасавдогар, турғай, оқбовур ва бошқа ҳайвонлар кенг тарқалган. Мазкур ҳудудлар сайғоқ ва туркман қулонларининг тарихий ареаллари ҳисобланади.

Экотуризм. Борсакелмас ботиғи ва унинг атрофидаги ҳудудларда табиий объектлардан карст воронкалари ва ўпирилмалари, Гуркиреуик кўли, табиий туз заҳираларидан ташкил топган Борсакелмас туз кони ва бошқалар алоҳида ажаралиб туради.

Тарихий объектлардан тахминан 14-15-асрларга доир эски тошқурғон қолдиқлари (Алан каъла), очиқ сардоба ва бошқа объектлар мавжуд бўлиб, келгусида экотуристик маршрутларнинг ташкил этилишида асосий томоша ва зиёрат объектлари сифатида аҳамиятга эга.

- Гуркиреуик кўли Нукус шахридан 260 км, Қўнғирот туманидан 160 км оралиқ масофа жойлашган.

 - қўриқхона Қўнғирот туманидан 160 км масофада жойлашган.

Visit time

Latest news View more